KISDI: Ўзбекистон Марказий Осиёда IT соҳасида энг яхши шароитга эга

Яқинда биз Жанубий Кореядан келган делегацияни кутиб олдик. Корея Ахборот жамиятини ривожлантириш Институти (KISDI) ва Глобал тадбиркорлар жамғармасидан ташриф буюрган меҳмонлар IT Park билан Ўзбекистон иқтисодиётининг IT соҳасига оид қизиқарли мунозара ўтказдилар.

KISDI - бу деярли 30 йилдан буён Кореянинг Фан ва АКТ вазирлигининг бу йўналишдаги сиёсий ишланмалар бўйича таҳлил маркази вазифасини бажариб келади. У ўз тажрибаси доирасида кенг полосали алоқани ривожлантириш ва частоталарни тақсимлашдан тортиб рақамли иқтисодиёт, ақлли шаҳар ва бошланғич экотизимни ривожлантиришгача бўлган ахборот-коммуникация технологияларининг барча соҳаларини қамраб олади. Сўнгги 8 йил давомида KISDI ташкилотидаги  халқаро бўлим ривожланаётган мамлакатларга маслаҳатлар бериб, уларнинг АКТ соҳасидаги сиёсатини шакллантиришга ёрдам кўрсатиб келмоқда келмоқда. Бу йил Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорлик шартномаси асосида KISDI мамлакатимизда сўров ўтказмоқда ва Ўзбекистонда бизга стартап экотизимини ривожлантириш учун йўл харитасини яратишда кўмак бермоқда.

IT Park офисига Кореядан икки нафар меҳмон ташриф буюрди, улар: Глобал тадбиркорлик жамғармасининг тадбиркорлик масалалари бўйича директори Доктор Дерик Ким ва KISDI ташкилотининг халқаро ҳамкорлик тадқиқотлари бўйича директори Жонг Суми хонимдир. Биз Ўзбекистондаги АКТ соҳасининг истиқболлари ва унинг ривожланишида IT Park тутган ўрин ҳақида чуқур мунозаралар олиб бордик.

IT Park: Доктор Дерик, Ўзбекистоннинг дастлабки босқичларда Марказий Осиёда IT республикасига айланиш имкониятлари ҳақидаги ўз фикрларингиз билан ўртоқлаша оласизми?

Доктор Дерик: Мен бу ерда мамлакатингизда IT соҳасининг ривожланиши ва Марказий Осиёда IT етакчисига айланиши учун иккита муҳим омилни кўряпман: сизнинг жойлашган ўрнингиз ва бу ерда IT бўйича таълимнинг жадал ривожланаётгани. Географик жиҳатдан Ўзбекистон Қирғизистон, Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан алоқа қилиш ва бирга иш олиб бориш учун ажойиб имкониятга эга ва мен Ўзбекистонда кўплаб IT университетлари ва муҳандислари борлигини кўрдим. Бундан ташқари, келгуси йилларда сиз кўпдан-кўп ёш IT муҳандисларини етиштириб чиқараётганингиздан хабардорман.

Лекин, айни вақтда, агар биз минтақадан ташқарига, яъни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) бошқа аъзоларига назар соладиган бўлсак, сизнинг етакчилигингиз қатъий кафолатланмаган. Сўнгги пайтларда Грузия, Озарбайжон ва Арманистон каби давлатлар ҳам худди шу нарсага ўз эътиборларини қаратмоқда. Улар Шарқий Осиёнинг Хитой, Корея каби мамлакатларига кўплаб хизматларни таклиф қилмоқда. Бу йил Озарбайжон ва Грузия мени у ерда бирор тадбир ташкил қилишга таклиф қилишяпти. Кореянинг кўплаб компаниялари аллақачон улар билан алоқани йўлга қўйишган. МДҲ давлатларининг кўпчилиги, ҳозирда, IT саноатига ва стартап инновацияларга диққат қаратмоқда ва келгусида сизнинг улар билан ўртангизда бироз рақобат бўлиши мумкин.

Шунга қарамай, менимча, Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон энг яхши имкониятларга эга.

IT Park: Марказий Осиёда IT соҳасининг ривожланиш марказига айланиш учун Ўзбекистон нималарни амалга ошириши керак? Бизга қандай тавсиялар берасиз, бу борада қандай муаммолар ва тўсиқларни кўряпсиз?

Доктор Дерик: АКТнинг аппарат инфратузилмасини яратиш масаланинг энг қийин томони эмас, буни ҳар қандай мамлакат ҳам уддалай олади. Бироқ, дастурий таъминот қисми бироз мураккаброқ. Бу юқори малакали мутахассисларни талаб қилади. Ҳозирча сизда юқори малакали кадрлар етарли эмас, умумий даража паст ёки ўртача натижани беради. Ҳозирда кўплаб ёш муҳандислар ва кўплаб талабалар ўсиб бормоқда, аммо дастурий таъминот малакасининг умумий даражасида ҳали ҳам катта бўшлиқ мавжуд. Ушбу бўшлиқни тўлдиришни Ўзбекистон учун муваффақият йўлидаги энг биринчи вазифа деб айтиш мумкин.

Бунга эришиш учун мен IT ва стартап инновациялар соҳасидаги баъзи глобал компаниялар билан ишлашни таклиф қилишни хоҳлардим. Дунё миқёсидаги компанияларни бу ерга келишга жалб қилиш учун Ўзбекистонда етарлича таклифлар мавжуд. Агар улар бу ерга келишдан фойда олишларини кўра олсалар, улар сизга етишмаётган ўша юқори даражадаги ва ўрта даражадаги ходимларни таъминлаб беришлари мумкин. Кейинчалик, улардан ўрганиб, мамлакатингиз бу бўшлиқни тўлдириши ва ўзингизнинг юқори малакали кадрларингизни етиштириши мумкин. Шундай қилиб, глобал ўйинчилар билан ишлаш сиз амалга оширишингиз керак бўлган шубҳасиз биринчи чорадир.

IT Park мисолига келадиган бўлсак, сиз ўз мақсадларингизни аниқлаб олишингиз керак. Катта орзу ва тасаввурга эга бўлиш яхши, лекин сизга, дейлик, 2 йил ва 5 йил учун белгиланган мақсадлар керак, уларни аввал белгилаб олинг, кейин олдинга ҳаракат қилинг ва уларга эришинг.

 Жонг хоним: Мен бунга шуни қўшимча қилмоқчиманки, дастлабки босқичларда сиз битта соҳага эътибор қаратишингиз керак. Бир вақтнинг ўзида ҳамма нарсани қилишга уринманг. Масалан, аввалига дастурий таъминотни йўлга қўйиш каби битта соҳани танланг ва сиз бу йўналишни муваффақиятли ривожланганингиздан кейин бошқа соҳага ўтинг. Ушбу тамойилни олдинга силжиш учун ишлаб чиқадиган босқичма-босқич режангизда асос қилиб олинг.

IT Park: Агар биз IT соҳасида ривожланишнинг ҳозирги динамикасини сақлаб қоладиган бўлсак, Марказий Осиёда IT соҳасидаги етакчи мамлакатга айланиш учун бизга неча йил керак бўлади?

Доктор Дерик: Бирор нарса дейиш жуда қийин, чунки ҳар йили вазият кескин ўзгаряпти. Масалан, Стокголмда акселерация дастури (АД) марказини бошқарадиган дўстларимдан бири икки йил олдин ўзининг Ўзбекистондаги филиалини нолдан бошлаб очганди ва мен ўтган йили Тошкентга келганимда уларда фақатгина битта коворкинг маркази бор эди. Ҳозир уларда Тошкентнинг ўзида 5 та коворкинг маркази мавжуд ва октябрь ойида улар Самарқандда ҳам яна биттасини очишни режалаштиришмоқда, шу билан улар икки йил ичида олтитага етади. Бу эса IT соҳасидаги стартап инновациялар экотизимининг жуда тез ўсаётганлигини кўрсатади. Буни уларнинг Стокголмдаги ривожланиши билан таққосланг: тўрт йил олдин мен биринчи марта у ерга ташриф буюрганимда, уларда бор-йўғи 1500 квадрат метр майдонга эга марказ мавжуд бўлиб, у ерда атиги 40 та стартап бор эди. Ҳозирги вақтда улар Нью-Йорк, Осло, Хелсинки ва Амстердамда  AP-марказларини очишган ва ушбу бешта марказда 1200 тадан ортиқ компаниялар фаолияти ривожлантирилмоқда.

Шундай қилиб, сиз ҳар бир йил учун мақсадларингизни белгилаб олишингиз, кейин эса уларни ҳар йили назорат қилиб боришингиз керак. Икки ёки уч йил ичида қанча нарсаларга эришиш мумкинлигини кўриб турибсиз. Менимча, IT соҳасида етакчи давлат бўлиш мақсадига эришиш энг кўпи билан беш йил вақт олади. Агар Ўзбекистон беш йил ичида бунга эриша олмаса, ўйлайманки, бу имкониятни бошқа давлат қўлга киритади.

IT Park: Бунда IT Park қандай роль ўйнаши мумкин?

Доктор Дерик: Мен IT Park учун иккита асосий вазифани кўряпман:

Биринчидан, IT Park - бу Ўзбекистондаги стартаплар учун биринчи жамоатчилик марказидир. Бу дегани сиз IT стартап экотизими ва IT саноати учун баҳолаш кўрсаткичларини белгилаб олишингиз керак. Ўзбекистон бошқа дунё стандартлари билан таққослаб бўладиган стандартларни белгилаб олиши керак ва уларни ишлаб чиқиш сизнинг муҳим вазифангиздир.

Иккинчидан, сизлар бир қаҳрамонни етиштиришингиз керак. Инновация ва стартаплар соҳасидаги энг муҳим нарсалардан бири бу – қаҳрамонга эга бўлиш, муваффақият ҳикоясини тасвирлаш, бунга Белоруссия яхши мисол бўла олади. Биз бу намунавий ҳолатни қаҳрамон деб атаймиз. Чунки барча шу йўлдан бораётганлар намунавий ҳолатни кўришни хоҳлашади. Агар сиз икки ёки уч йил ичида ўз қаҳрамонингизни яратсангиз, кўплаб тадбиркорлар бу ерда сиз билан ишлашни хоҳлашади. Бу иш омадсиз кечса, унда муваффақиятга эришиш сиз учун осон бўлмайди.

“Нолдан қаҳрамонгача” деган нарсани ҳеч эшитганмисиз? Сизнинг бўлғуси қаҳрамонингиз ҳали нолга тенг, сиз уларни бошланғич номзодларингиз орасидан аниқлаб олишингиз, уларни топишингиз ва ривожлантиришингиз керак - уларнинг ўсишига ёрдам беринг, қаҳрамонни яратинг.

Жонг хоним: Бошқача айтганда, бу жамиятда тадбиркорлик руҳини тарғиб қилиш вазифасидир. Агар катта муваффақият ҳикоясини кўрсатиб берадиган катта қаҳрамон бўлса, қолганлар ҳам бу имкониятдан фойдаланишга ва IT соҳасида иш бошлашга киришади. Улар тадбиркорлик дунёсига кириш ва ўз бизнесларини очишнинг аҳамиятини асослаб беради ва бу стартапларнинг ривожланиш муҳитининг зарур қисмидир. Шундай қилиб, сиз бажаришингиз мумкин бўлган муҳим вазифа: тадбиркорликни бутун жамиятда тарғиб қилишдир. Ва кейин аллақачон айтиб ўтилган вазифа ўйин майдончасини ўрнатишдир: стандартлар ва мақсадлар жуда муҳим.

Аммо сиз чет эллик сармоядорлар учун дарвоза ролини ўйнашингиз керак: ким кирмоқчи бўлса, улар сизнинг ишонишлари мумкин бўлган ташкилот эканлигингизни билиб олишади. IT Parkнинг қанчалик муваффақиятли эканлигига қараб, улар Ўзбекистонга ва сиз тақдим этган стартапларга сармоя киритиш борасида сизга ишонишга қарор қилишади. Мана шунинг учун ҳам ўзингиз учун юқори марраларни белгилаб олишингиз жуда муҳимдир.

Доктор Дерик: Яна бир нарса: IT Park атрофида очиқ IT инновацион бирлашмани ривожлантириш. Уни фақат ўзингиз бирга ишлаётган стартаплар доирасида ёпиб қўйманг. Бирлашма очиқ ва бутун жамият билан кенг боғланган бўлиши керак, сиз йирик IT -компаниялар, бошқа стартаплар, университетлар, бошқа соҳалардаги компаниялар билан алоқада бўлишингиз ва ҳамкорликни йўлга қўйишингиз керак. Айтайлик, агар Ўзтелеком ёки телекоммуникацион гуруҳ ёки бошқа ўйинчилар вақти-вақти билан бу ерга келиб, турли хил учрашувлар, маҳорат дарслари, семинарлар ўтказишса - бу саноат ва инноваторларни бирлаштирадиган соғлом ва фойдали жамиятнинг яхши бир намунаси бўлади. Ушбу алоқаларни йўлга қўйиш - IT Park Ўзбекистонда IT саноатининг муваффақиятли ривожланиши учун зарур бўлган муҳитни ривожлантиришда амалга ошириши керак бўлган яна бир муҳим вазифасидир.

2019-09-13