Бугун, жорий йилнинг 26 сентябрь куни, Миллий кўргазмалар марказида Ўзбекистон олий ўқув юртлари талабалари ўртасида энг яхши давлат хизмати мобил иловасини ишлаб чиқиш бўйича «mGovAward» республика танловининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Давлат хизматлари мобил иловаларни ишлаб чиқиш бўйича «mGovAward» республика танлови Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда илк бор ўтказилмоқда. Танлов мақсади – IT-лойиҳалар ишлаб чиқишда олий ўқув юртлари талабаларининг потенциалини кўтариш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ёшлар ташаббускорлигини ошириш.
Танлов мобил иловалар ишлаб чиқишнинг таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва маданият, ишбилармонлик, транспорт ва логистика йўналишларида ўтказилади.
Асосий саралаш мезонлари сифатида илованинг самарадорлиги, инновационлиги ва фойдаланишда қулайлиги белгиланган.
Танлов бошланишига бағишланган конференцияда Ўзбекистон Республикаси Премьер-министри Абдулла Арипов ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдулла ал-Қарқовий жаноби олийлари иштирок этди ва танловнинг расман очилиши эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Премьер-министри А.Арипов Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари орасидаги давлат бошқаруви, таълим тизими, “рақамли” лойиҳалар инфратузилмасини юксалтириш соҳаларидаги муносабатларнинг жадал ривожланишини таъкидлаб ўтди.
Муҳаммад бин Абдулла ал-Қарқовий жаноби олийлари Ўзбекистон билан инновацион лойиҳаларни ташкил этишдаги мувафаққиятли тажриба ва ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўзлаб, «mGovAward» республика танловининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, конференцияда танлов
муддатлари ҳам маълум қилинди:
26 сентябрдан танлов очиқ деб эълон қилинади;
2 октябрдан 30 ноябргача ҳудудларда тарғибот ўтказилади;
1 декабрдан 2020 йил 1 январгача талабалардан аризалар қабул қилинади;
2020 йил 2 январдан 28 февралгача аризалар баҳоланиб сараланади;
2020 йил 12-13 март кунлари сараланган лойиҳалар тақдимоти уюштирилади;
2020 йил 14 мартда танлов якунланиб, ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилади.
Танловнинг мукофот
жамғармаси 100 000 АҚШ долларидан иборат ва биринчи ўрин учун мукофот 50 000 $,
иккинчи ўрин учун – 30 000 $ ва учинчи ўрин учун – 20 000 $ миқдорида
белгиланган.
2019-09-26