IT-Парк Самарқанд ҳудудий филиалининг очилиш маросими

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги ПҚ-4699-сон қарори билан тасдиқланган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини янада ривожлантириш бўйича “Йул харитаси”нинг 14-бандига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Наманган ва Сирдарё вилоятларида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IТ-Парк)нинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш белгиланган ва ҳозирги кунгача Марғилон, Андижон, Гулистон ва Жиззах шахарларида филиаллар очилган.

Бугун, Самарқанд шаҳрида эса Амир Темур кўчаси, 44-уйда жойлашган 2 қаватли бинода IТ-Паркнинг ҳудудий филиали очилмоқда.

Объектнинг умумий ер майдони 1 гектарга яқин бўлиб, бино майдони 1 118 кв. м. ни ташкил этади. Жорий йилнинг август-декабрь ойлари давомида мазкур бинода қурилиш-монтаж ва пардозлаш ишлари амалга оширилиб, ҳозирги кунда бино тўлиқ жиҳозланди. Бино коворкинг, резидентлар ва стартапчилар учун офис жойлари, ахборот-коммуникация технологиялари ўқув хонаси, робототехника, киберспорт, учрашувларни ўтказиш хоналари (митинг румлар), конференц зал, интервью зона, кафе ва бошқа ёрдамчи хоналардан ташкил топган.

Самарқанд вилоятида 1 679,5 минг нафар ёшлар бўлиб, (7 ёшдан 30 ёшгача), уларни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига йўналтириш бўйича охирги йилларда бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Бугун ташкил этилаётган IT-Парк Самарқанд ҳудудий филиали ҳам ёшларни мазкур соҳага қизиқтириш, соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзларни берган ҳолда, янада кенгроқ ва самарали фаолият олиб боришлари учун имконият яратиб беради, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаб чиқилган маҳсулотлар, лойиҳа ва стартапларни ҳаётга тадбиқ этиш, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳаларга жорий этишда кўприк вазифасини бажаради.

Филиал вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган юридик шахслар, олий таълим муассасалари, ҳозирда Самарқанд шаҳридаги 9-сон умумтаълим мактаби негизида ташкил этилаётган информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган мактаб билан ҳамкорлик олиб боради.

Шунингдек, филиал қошида вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида ташкил этиладиган IT Center лар фаолият олиб борадилар. Ҳозирги кунда 6 та шаҳар ва туманларда мазкур марказлар ташкил этилди. Жорий йил якунига яна 4 та шаҳар ва туманларда IT Centerлар очилади. Мазкур марказлар ахборот-коммуникация технологиялари, робототехника ва киберспорт йўналишлари бўйича фаолият олиб борадилар. Жумладан, марказларда Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари томонидан ҳамкорликда амалга оширилаётган ”Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бўйича ўқишлар ташкил этилади.

Филиал ташкил этилиши натижасида вилоятда 50 та янги IT корхоналар, 200 та янги иш ўринлари ва 100 дан ортиқ стартап лойиҳалар ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.

 

2020-12-22