Президент Шавкат Мирзиёев 29 июль куни Юқори Чирчиқ туманидаги “Astrum” IT aкадемиясига ташриф буюриб, ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари ва ёшлар билан учрашди.
Дунёда ахборот технологиялари шиддат билан ривожланмоқда. Жаҳонда унинг ўсиш суръатлари йилига 10 фоизни ташкил этиб, бу йил жами 4 триллион 300 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Ушбу бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаш учун мамлакатимизда катта ишлар бошланган. Сўнгги беш йилда соҳага 2 миллиард доллар, шу жумладан 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча ҳудудларда IT-парклар очилиб, улар учун алоҳида солиқ режими жорий этилди. Бу орқали 14 минг нафар ёшлар юқори даромадли иш билан таъминланди. Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган IT мутахассислар сони йил бошидан 2,5 баробарга ўсиб, 43 минг нафарга етди.
Энг асосийси, IT касбларни эгаллаш ёшлар ўртасида трендга айланди. Мактаб, лицей, коллеж, техникум ва университетларда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда 134 та янги, жумладан, 50 та хорижий IT компаниялар ташкил этилди, экспортёр корхоналар сони эса 2 баробарга ошди. Хизматлар ҳажми ва тури ҳам кўпайди.
Соҳа учун инфратузилма яратилиб, сифат яхшиланаётгани бунда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, сўнгги уч йилда мобил интернет нархи 9 баробарга арзонлашди. Мамлакатимиз бу борадаги халқаро рейтингда 68-ўриндан 15-ўринга кўтарилди.
– Келгуси беш йилда мамлакатимизда ахборот технологиялари хизматлари экспортини 1 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз. Агар ёшларни бу касбга ўқитишни тўғри йўлга қўйсак, уларни сифатли инфратузилма, компьютер ва кафолатли буюртма билан таъминласак, бу маррага бемалол эришамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари бунинг учун 4 та масалани ҳал этиш лозимлигини таъкидлади.
Биринчиси, интернет қамрови ва сифатини кескин ошириш. Чунки ҳозир ҳудудларни тезкор интернет билан қамраб олиш даражаси 70 фоиз атрофида. 118 та қишлоққа интернет ҳам, мобил алоқа ҳам кириб бормаган.
Иккинчиси, ахборот технологияларига иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш. Бугунги кунда ёшларнинг “стартап”ларига атиги 10 миллиард сўм грант ажратилган. Компьютер билан таъминлаш ишлари етарли эмас.
Учинчиси, барча соҳаларда рақамлаштиришни биринчи навбатдаги вазифалар қаторига олиб чиқиш. Бу борада ҳукумат, қатор вазирлик ва компанияларда тизим бор. Лекин Транспорт вазирилиги, Энергетика вазирлиги, Ветеринария қўмитаси, Ўзбекистон темир йўллари ҳамда “Ўзагросуғурта” компанияларида аҳвол суст.
Тўртинчи муҳим масала ҳудудларда ёшларни экспорт бозорларига чиқишга кўмаклашишдир. Хусусан, хорижий корхоналар ёшларимизга ишонч билдириб, жорий йилнинг ўзида 100 миллион долларлик хизматларга буюртма берган. Лекин маҳаллий корхоналаримиз буюртмалари бундан анча кам.
Йиғилиш очиқ мулоқот тарзида ўтди. Аввал ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Шерматов соҳадаги муаммоларни ва улар юзасидан таклифларини айтди. Учрашув иштирокчилари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Давлатимиз раҳбари мутахассис ва ёшларнинг таклифларини қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга тегишли қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилди.
– Бу масалалар – бугунимиз, келажагимиз, айниқса, ёшларимизга муносиб иш ўринлари яратиш учун катта замин, – дея таъкидлади Президент.
Ушбу мулоқот ўтказилган “Astrum” IT aкадемиясида юзлаб ёшлар замонавий дастурлаш кўникмаларини эгаллаб, ўқиш давомидаёқ даромад топмоқда. Давлатимиз раҳбари бундай масканларни бошқа ҳудудларда ҳам ташкил қилиш зарурлигини айтиб, бу борадаги ташаббуслар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини билдирди.
Видеоселектор орқали вилоят ҳокимлари, ҳудудлардаги мутахассислар билан ҳам мулоқот қилинди.
2022-07-29